Мюнхенда велосипед йўллари ҳам энди категория бўйича режалаштирилади
23 сентябрь куни Мюнхен шаҳар кенгашининг транспорт қўмитаси шаҳарнинг турли районларини боғловчи янги велосипед маршрутлари тармоғини тасдиқлади.
Масалан, Altstadt–Harras ёки Arabellapark–Münchner Freiheit каби йўналишлар шулар жумласидан.
Бу ерда мени қизиқтирган жиҳат — алоҳида велосипед йўлакларининг ўзи эмас, балки уларнинг ягона транспорт тармоғи сифатида иерархия бўйича режалаштирилиши.
Автомобиль йўлларида, масалан, йўлларнинг вазифаси ва аҳамиятига қараб, маҳаллий кўчалардан тортиб, шаҳарлараро йўллар ва автомагистралларгача турли категориялар бор. Велосипед инфратузилмасида ҳам шунга ўхшаш ёндашув мавжуд. Яъни ҳар бир велойўлакни алоҳида объект сифатида эмас, балки умумий тармоқнинг қайси қисми эканидан келиб чиқиб режалаштириш.
Германияда велосипед тармоқлари аҳамияти ва вазифасига қараб IR II дан IR V гача категорияларига ажратилади.
🔹 IR II — Radschnellverbindung — Энг юқори даражадаги велосипед магистрали. Асосан узоқ масофаларни, масалан, шаҳар атрофини марказ билан боғлаш учун мўлжалланган.
Бундай маршрутларда ҳаракат имкон қадар узлуксиз бўлиши, чорраҳаларда кутиш камайиши, пиёдалар ва автомобиллардан ажратилган инфратузилма ташкил қилиниши кўзда тутилади.
Бавария стандартларида алоҳида велосипед йўлининг кенглиги бир томонлама ҳаракатда одатда 3 метр, икки томонлама ҳаракатда эса 4 метр бўлиши кўзда тутилган.
🔹 IR III — Radhauptverbindung / Radvorrangroute — шаҳар ичидаги асосий велосипед маршрутлари.
Улар районларни шаҳар маркази билан ёки йирик районларни бир-бири билан боғлайди. Мюнхенда бундай маршрутларда бир томонлама алоҳида велосипед йўлининг стандарт кенглиги 2,5 метр қилиб белгиланган.
Ҳозир тасдиқланган янги маршрутларнинг асосий қисми айнан шу даражага тегишли.
🔹 IR IV — Radverkehrsverbindung — нисбатан маҳаллийроқ тармоқ. Шаҳар районлари, турар-жой ҳудудлари ва кундалик муҳим объектларни бир-бири билан боғлайди.
IR II ва IR III магистрал тармоқ бўлса, IR IV велосипедчини шу асосий тармоққа олиб чиқадиган муҳим боғловчи маршрутлардан иборат.
🔹 IR V — Radverkehrsanbindung — энг маҳаллий даража.
Бу уйдан, мактабдан, дўкон ёки бошқа объектдан асосий велосипед тармоғига чиқиш учун хизмат қиладиган кўчалар.
Бу ерда ҳар доим ҳам алоҳида велосипед йўлаги қурилиши шарт эмас. Автомобил тезлиги паст бўлган тинч турар жой кўчаси ҳам велосипед тармоғининг бир қисми бўлиши мумкин.
Шунинг учун IR категорияси велосипед йўлагининг турини эмас, маршрутнинг шаҳар транспорт тизимидаги вазифасини белгилайди. Менимча, энг муҳим нуқта ҳам шу.
Велосипед инфратузилмасини ривожлантириш шаҳарнинг турли жойларида бир-бирига боғланмаган велойўлаклар қуриш дегани эмас. Аввало, қаердан қаерга асосий ҳаракат бўлиши аниқланади, маршрутлар аҳамияти бўйича иерархияга ажратилади ва кейин кўчалар реконструкция қилинганда шу тармоққа мос стандартлар қўлланади.
Яъни велосипед йўлакларидан велосипед транспорт тармоғига ўтиш.