Хикоя
Бўлган воқеа асосида…
Ёз кунлари эди. Қуёш роса қиздирган дамлар…
Шифокор кўригидан ўтиб юрганимда лабораторияга қон топширдим — гепатит учун.
Орадан бироз вақт ўтиб, анализ жавобини қўлимга тутқазишди. Бир варақ қоғоз… Лекин ундаги гап юракка оғир ботди.
“Яхши чиқмаган, қонингизда вирус бор”, деди анализ олган аёл.
Ғамгин ҳолда шифокор олдига кирдим. Қоғозни узатдим. У ҳам қараб:
— Ҳа, яхши чиқмапти. Тошкентдаги Вирусология марказига бориб яна анализ топширинг. Агар у ерда ҳам тасдиқланса, 3 ой узлуксиз дори ичасиз. Бу дори вирусни блоклаб туради, — деди.
Мен эса… бормадим.
Орадан уч-тўрт ой ўтди. Ҳар эсласам, юрагим сиқилиб кетарди.
“Ростдан ҳам касал бўлсамчи? Қонимда вирус бўлса-чи?” — деган ўйлар тинчлик бермасди.
Бир пайшанба куни хуфтон намозини жамоат билан ўқидим. Ичимда қатъий ният қилдим:
“Эртага бомдод намозини ҳам жамоат билан ўқийман”, деб Аллоҳдан сўраб уйга қайтдим.
Уйда аёлим йўқ эди — болалар билан онасиникига кетган эди.
Ўша кеча онажоним билан бирга кечки овқат қилдик. Узоқ суҳбатлашдик. Мен уларга ҳам айтдим:
— Эртага, Худо хоҳласа, бомдод намозини жамоат билан ўқимоқчиман, — дедим.
Будилникни қўйиб ухладим.
Эрталаб туриб, таҳорат қилиб:
— Ойижон, мен кетдим намозга, — деб масжидга йўл олдим.
Аллоҳ насиб қилди — бомдод намозини жамоат билан ўқидим. Алҳамдулиллаҳ.
Намоздан сўнг масжидда Қуръон тиловат қилдим. Қуёш чиққач, икки ракат ишроқ намозини ўқиб, Аллоҳдан узоқ дуо қилдим:
— Эй Роббим, мушкулимни осон қилгин… 🥹
Масжиддан чиқиб бозорга бордим. Қаймоқ, узум ва иссиқ нон олиб, уйга қайтдим. Онажоним билан бирга нонушта қилдик.
Чойдан кейин онажоним мени дуо қилдилар.
Ишга кетдим. Йўлда машина ҳайдаб кетар эканман, бирдан ўша клиника ёнидан ўтаётганимни сездим.
Ичимдан бир овоз:
“Яна бир марта анализ топшир. Сенга нима кетди?” деди.
Тўхтадим. Клиникага кирдим.
— Мендан яна гепатитга анализ олинг, — дедим.
Аёл мени таниди:
— Олдин ҳам келгандингиз-а?
— Ҳа.
— Натижа қандай чиққанди?
— Вирус бор дегандингиз.
— Унда яна нега топширяпсиз?
— Агар яна ёмон чиқса, Тошкентга бораман, — дедим.
У бироз ажабланди:
— Бир марта чиқди-ку, яна нимага ортиқча харажат?
— Сиз анализни олинг. Қолганини Аллоҳдан кўрамиз, — дедим.
Қон топширдим.
— Бир соатдан кейин келасиз, — дейишди.
Ишхонага кетдим.
Орадан бир соат ўтиб қайтдим.
Ўша аёл менга бошқача қараб деди:
— Ростини айтинг… даволандингизми? 😢
Ҳайрон бўлдим:
— Йўқ… Нима бўлди? Натижа қандай чиқди?
— Яхши чиқди…
Субҳаналлоҳ… 😢😭
Мен ҳеч қандай дори ичмаган эдим.
— Бу Аллоҳнинг мўъжизаси, — дедим ичимда.
Раҳмат айтиб, тўғри онажонимнинг олдига бордим.
У кишига ҳаммасини айтдим — уч-тўрт ой давомида ичимда сақлаб келган қўрқувларимни ҳам.
Онажоним буни билмас эдилар… билсалар, мен учун қайғуриб соғлиқлари ёмонлашиб қолишидан қўрқиб, айтмагандим. 😢
Азизлар…
Бу воқеа — онажонимнинг дуолари ва, албатта, Аллоҳнинг менга берган раҳмати ва мукофотидир.
Муаллиф: обуначимиз Сайфиддин Шариповдан келди
@Vaqtqadri