#ИЖАРАГА_БЕРИЛГАН_ЭР
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
- Майли, Раъно синглим. Кўп куйинманг,- Аида Юнусовна қаршисидаги изтироб алангасида қовжираётган жувонни қандай овутишни билмай, - насиб этса бари яхши бўлади.
Раъно ҳазин жилмайди:
- Ё яхши бўлади ёки яхшиликка бўлади денг, - у шундай деб оғир тин олди, - қайдам. Опажон, мен Нодир аканинг ота-оналарига барчасини тан олиб, юрагимдаги бу юкдан қутилсамми деяпман. Шунга нима дейсиз?
- Бўлар иш бўлибди. Энди қарияларни кўнглига озор бериш тўғри қарор бўлмаса керак. Мен Уларнинг сизни "Лайложон" деб оғзиларидан бол томиб эркалаганларида қандоқ яйрашаётганларини гувоҳи бўлдим. Менимча улардан бу қувончни тортиб олиш адолатдан эмас.
- Ҳақиқат бугун бўлмаса эртага юзага чиқади-ку, опажон!? Ана ўшанда ким деган одам бўламиз?
- Вақт-олий ҳакам, Раъно. Ҳар мушкулнинг бир чораси бор. Насиб қилса бир куни ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Ҳа айтганча, Нодиржон нима учун Лайлога қаршилик қилмади? Масаланинг бу қадар чигаллашишида энг катта айб Нодиржонда. Бу менинг шахсий фикрим.
- Сиз Лайлони билмайсиз-да, опажон!? Кошки у ўз билганидан қолса. Лайло шунчалар ўжарки, Нодир ака унга бас келолмаган бўлсалар керак. Бу тамонда мен таклифни қабул қилиб масалани янада янада боши берк кўчага киргазиб қўйган бўлсам.
- Ҳаа, шундай денг? - Аида Юнусовна ўтирган ўрнида бир қўзғалиб қўйди,- Раъно, ўйлаб қарасам ҳозир ўйинни давом эттиришдан бошқа чорангиз йўқ кўринади. Келинг, ҳозирча барини ҳудди шундай ўз ўрнида қолдира турганимиз маъқул. Шу кунларда Нодиржон ҳам илмий ишлари билан жуда банд. Унинг илмий ишининг натижаларига ҳозир минглаб, миллионлаб инсонлар кўз тикиб турган бир вақтда Нодиржонни илмдан чалғитиб, хаёлини бузмаганимиз яхши.
Келишдикми, Раъно синглим?
- Ҳўп, опажон...- тараддудланганча жавоб қайтарди Раъно,- сиз нима десангиз шу.
- Яшанг! - чиройи очилди Аида Юнусовнанинг,- ҳозирча бу суҳбат икковимизнинг орамизда қолсин. Ёрдам керак бўлса мени қаердан топишни биласиз.
- Раҳмат, Аида опа. Сизни менга Худо етказди.Сиз билан танишганимдан жуда хурсандман.
- Мен ҳам. Айниқса ўзим севган адиба Раъно Азимова билан танишганим бугунги кунимнинг энг яхши совғаси бўлди... Мен шеърларингизнинг ашаддий мухлисасиман.
- Қўйсангиз-чи, опажон. Улар шунчаки машқлар холос..
- Сира ундай эмас-да. У шеърлар шунчалар юракка яқин-кии...
-92-