‼️ЖИБ Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева бугун 15 август куни Зарафшон шаҳридан Томди туманига ишга кетаётган вақтида ЙТҲ оқибатида вафот этди.
Бу хабарни эшитиб, биринчи навбатда марҳуманинг яқинларига, оила аъзоларига ва суд-ҳуқуқ тизими ходимларига чуқур таъзия билдираман.
А.Мирзаевани танирдим. У масъулиятли, ўз ишига жиддий ёндашадиган судьялардан бири эди.
Лекин бу фожиа яна бир оғриқли масалани кун тартибига олиб чиқмоқда.
Нега инсонлар ишлаш учун ҳар куни ҳаётини хавф остига қўйиши керак?
2021 йилда Томди туман прокуратурасида қатнаб ишлаган даврларимда бу йўл азобини ич-ичим билан ҳис қилганман. Зарафшондан Томдига бориб-келиш оддий ишга қатнаш эмас эди. Айниқса кечқурун.
Қоронғу. Узоқ масофа. Чарчоқ. Айрим жойларда йўлнинг оғир аҳволи.
Ҳар куни ишдан кейин автомашинада уйга эсон-омон етиб келиш баъзан ҳақиқатан ҳам лотереяда ютуқ чиққандек туюларди.
Аллоҳ асраган экан.
Энг оғриқли томони — А.Мирзаевадан олдин ҳам Томди туман судига раҳбарлик қилган аёл судья ҳар куни Зарафшондан Томдига қатнаб ишлаган.
Демак, бугунги муаммо бугун пайдо бўлган эмас. Бу — йиллар давомида йиғилиб келаётган муаммо.
Албатта, инсон тақдирини ҳеч ким олдиндан била олмайди. «Агар яқинроқ ҳудудга тайинланганида бу фожиа бўлмасмиди?» деган саволга ҳам аниқ жавоб бериш қийин. Чунки бу — тақдир.
Аммо тақдирга ишониш билан бирга инсон ҳаётини асраш учун шароит яратиш ҳам давлат ва жамиятнинг вазифаси.
Айниқса, олис ҳудудларга ишга тайинланаётган ходимларнинг ҳар куни узоқ масофага қатнаши масаласига жиддий ёндашиш керак.
‼️Менимча, имконият бўлса, аёл судьялар, аёл прокурорлар, аёл терговчилар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини узоқ ҳудудларга тайинлашда уларнинг яшаш жойи, қатнов масофаси ва транспорт хавфсизлиги алоҳида ҳисобга олиниши керак.
Бу аёл киши ишлай олмайди, дегани эмас.
Аксинча, бу — давлат ўз ходимининг ҳаёти ва хавфсизлигини қадрлаши керак, дегани.
Иккинчи масала — йўллар. Томди оддий ҳудуд эмас. Томди ҳудуди Қизилқумдаги дунёга машҳур Мурунтов кони жойлашган ҳудуд бўлиб, Мурунтов 2025 йилда олтин қазиб олиш ҳажми бўйича АҚШдаги Nevada Gold Mines мажмуасидан кейин дунёда 2-ўринда қайд этилган.
Яъни дунё иқтисодиёти учун миллиардлаб долларлик қимматбаҳо бойлик берилаётган ҳудуд.
Лекин савол туғилади:
Шунча бойлик яратилаётган ҳудудда инсонларнинг хавфсиз қатнови учун муносиб йўллар нега ҳали ҳам муаммо бўлиб қолмоқда?
‼️Томдида олтин бор. Мурунтов бор. Катта саноат бор. Миллиардлаб қиймат яратилаётган меҳнат бор. Аммо инсоннинг уйидан иш жойига хавфсиз етиб бориши ҳам кафолатланган бўлиши керак.
Бугун биз Азиза Мирзаеванинг ўлими сабаб бу ҳақда гапираяпмиз.
Эртага яна бошқа бир инсоннинг ўлими ортидан шу саволни беришга тўғри келмасин.
Йўллар таъмирланиши керак.
Олис ҳудудларга қатнаб ишлайдиган ходимлар учун хавфсиз транспорт масаласи ҳал қилиниши керак. Ходимларни тайинлашда инсон омили ва хавфсизлик биринчи ўринга қўйилиши керак.
Чунки давлат учун энг катта бойлик — ер остидаги олтин эмас. Энг катта бойлик — инсон ҳаёти бўлиши керак.
Марҳуманинг жойлари жаннатдан бўлсин. Охиратлари обод бўлсин. Аллоҳ оиласи ва яқинларига сабр берсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.
📱Telegram | 📱Instagram | 📱Facebook |📱Youtube |📱Threads