Аутизм ташхисларининг кескин кўпайишига сабаб нима?
Швецияда ўтказилган янги тадқиқот аутизм ҳақида жуда қизиқ саволни ўртага ташлайди: аутизм ҳақиқатан ҳам кўпайяптими ёки биз уни аввалгидан анча кенгроқ аниқлаяпмизми?
Тадқиқотчилар 2001–2020-йиллар оралиғида Швециядаги аутизм ташхисларини таҳлил қилишган. Шу даврда қайд этилган аутизм ҳолатлари тахминан 800% га ошган.
Лекин янада қизиқ натижа бошқа кўрсаткичда кузатилган.
2001-йилда аутизм ташхиси қўйилган одамларнинг 55,8%ида интеллектуал ногиронлик ҳам қайд этилган бўлса, 2020-йилга келиб бу улуш атиги 6,7% бўлган. Бу ўзгариш ҳам қизларда, ҳам ўғил болаларда кузатилган.
Эҳтимол, илгари «аутизм» ташхиси асосан анча оғир ҳолатдаги, интеллектуал ногиронлиги ҳам мавжуд бўлган одамларга қўйилган. Кейинчалик эса диагностика кенгайиб, интеллектуал қобилияти сақланган, аммо ижтимоий мулоқот, хулқ-атвор ва сенсор хусусиятларида аутизмга хос белгилар бўлган одамлар ҳам кўпроқ аниқлана бошлаган.
Шу маънода аутизм ташхиси қўйилаётган одамлар гуруҳи тобора кенгайиб борган бўлиши мумкин.
Бу аутизмнинг ўзи 20 йил ичида 8 баравар кўпайди, дегани эмас.
Чунки ташхислар сонидаги ўсишга диагностик мезонларнинг ўзгариши, мутахассислар хабардорлигининг ошиши, хизматлардан фойдаланиш имкониятининг яхшиланиши ва аввал аниқланмай қолган ҳолатларнинг топилиши таъсир қилиши мумкин. Илгариги тадқиқотлар ҳам Швецияда аутизм симптомларининг аҳолидаги тарқалиши нисбатан барқарор қолган ҳолда расмий ташхислар сони ошганини кўрсатган.
Шу билан бирга, янги тадқиқотдаги 55,8% → 6,7% ўзгариш жуда муҳим сигнал беради: «Аутизм» деган ташхис остидаги одамлар гуруҳи аввалгидан анча хилма-хил бўлиб қолган.
Яъни бугун аутизм фақат интеллектуал ногиронлик билан бирга кечадиган оғир ҳолат сифатида қаралмайди. Интеллектуал қобилияти нормал ёки юқори бўлган, мустақил ҳаёт кечирадиган инсонларда ҳам аутизм спектри ташхис қилиниши мумкин.
Албатта, бу аутизм тарқалишида умуман ҳеч қандай ҳақиқий ўзгариш бўлмаганини исботламайди. Ташхислардаги ўсишнинг қанча қисми реал ўзгариш, қанча қисми эса диагностикадаги ўзгаришлар ҳисобига эканини аниқ ажратиш жуда қийин. Тадқиқотнинг ўзи ҳам бу масалани очиқ қолдиради.
Аутизм - битта аниқ «тип» эмас, балки жуда кенг спектр.
Аутизм ҳамжамиятида машҳур бир ибора бор:
«Агар сиз аутизмли бир инсонни билсангиз, сиз фақат битта аутизмли инсонни биласиз.»
Aутизм ҳар бир инсонда турлича намоён бўлади. Кимдадир ижтимоий мулоқотда қийинчилик устун бўлса, бошқасида сенсор хусусиятлар, такрорий хулқ-атвор ёки маълум бир соҳадаги кучли қизиқишлар намоён бўлиши мумкин. Аутизм - битта қолип эмас, балки кенг спектр.
Шу сабабли ташхислар сони ошганини тушуниш учун фақат рақамларга эмас, балки кимлар ташхис олаётгани ва диагностика мезонлари йиллар давомида қандай ўзгарганига ҳам қараш керак.
Science