❗️СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
📝Президент Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари ва соҳадаги устувор вазифаларни муҳокама қилиш юзасидан суд тизими раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
✅Мулоқотда судлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳаси тақдимот қилинди.
💚Сўнгги йилларда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ва одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Шу билан бирга, аҳоли мурожаатлари ва суд амалиёти таҳлили тизимда ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини кўрсатди.
✅“Одил судлов – 2030” стратегияси аҳолининг таклифлари, олимлар, амалиётчи юристлар ва адвокатлар билан мулоқотлар, шунингдек, илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган. Стратегияда 57 та вазифа, уни амалга ошириш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурида 160 та аниқ чора-тадбир ҳамда 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган 33 та мақсад белгиланган.
💚Жумладан, қуйи судлар қарорларини қайта кўриб чиқиш холислигини ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланиб, тафтиш инстанциясининг ваколатлари ҳудудлараро судларга берилади. Бу бир суднинг ўз қарорини ўзи қайта кўриб чиқиши амалиётига чек қўяди ва фуқароларнинг адолат излаб пойтахтга бориш заруратини камайтиради.
✅Инсон эрки – олий қадрият эканлигидан келиб чиқиб, тергов, суриштирув босқичида инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш учун “асосли гумон” (prima facie) стандарти жорий этилади. Тергов судьяси санкция бериш масаласини кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги, гумон ёки айблов учун асослар етарлилигини текшириш ва зарур қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш имконига эга бўлади. Бу эса шахснинг эркинлиги асоссиз чекланишининг олдини олади.
💚Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсати қарорларини қамраб оладиган очиқ “Прецедентлар реестри” юритилади.
✅Судьяларни одил судловга дахлдор бўлмаган ташкилий вазифалардан озод этиш учун 2028 йилдан “суд маъмурчилиги” институти жорий этилади.
💚“Рақамли суд” концепцияси барча судларда тўлақонли ишга туширилиб, my.sud.uz портали ва унинг мобил иловаси такомиллаштирилади. Судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизини электрон шаклда бериш, суд мажлисларининг 100 фоизини аудиоёзув орқали қайд этиш ва Олий суд ахборот тизимлари фойдаланувчиларининг сонини камида 5 баравар ошириш режалаштирилган.
✅Шунингдек, медиация ва ярашув механизмларини кенгайтириш, ноқонуний деб топилган маъмурий ҳужжатларнинг очиқ реестри юритишни қамраб олиш, “халқ вакиллари ҳайъати” иштирокида кўриладиган жиноят турлари сонини камида 3 тага етказиш мақсад қилинган.
💚Тақдимотда суд аппарати ходимлари учун махсус хизмат кийими намунаси ҳам кўриб чиқилди. Бу фуқароларга суд ходимларини осон таниб олиш, уларнинг касбий масъулиятини оширишга хизмат қилади.
✅Учрашувда конституциявий суд ишларини юритишни янада такомиллаштириш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, суд мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда тизимдаги кадрларнинг хорижда малакасини ошириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
📌 Давлатимиз раҳбари стратегия лойиҳасини маъқуллаб, унда назарда тутилган ислоҳотларни рўёбга чиқаришга қаратилган тегишли фармонни имзолади.
🌐Telegram || 👥Facebook