❓ 1- Вазият: Бемордан вена орқали қон олинаётганда у рангпарга айланди, совуқ тер босди ва ҳушини йўқотди. Ҳамшира буни анафилактик шок деб ўйлаб, зудлик билан адреналин инъекциясини қилди. Бу вазиятда қандай хато бор?
✅ Жавоб: Хато қилинган. Бу анафилактик шок эмас, балки қон кўриш ёки қўрқувдан келиб чиққан оддий ҳушдан кетиш (вазовагал синкопе). Анафилактик шок бўлиши учун беморга бирор дори юборилган бўлиши керак эди. Беморни текис ётқизиб, оёқларини баландга кўтариш ва тоза ҳаво бериш (ёки нашатир спирти искатиш) кифоя қиларди.
❓ 2 - Вазият: Автоҳалокатдан сўнг келиб тушган беморнинг кўкрак қафасида очиқ жароҳат бор. Бемор ҳар нафас олганда жароҳатдан ҳаво кириб-чиқаётган ўзига хос товуш (хўриллаш) эшитиляпти ва ўпка қисқариб бормоқда. Холатни баҳоланг?
✅ Жавоб: Бу очиқ пневмоторакс ҳолати. Бунда плевра бўшлиғи ташқи муҳит билан бевосита алоқа қилади ва нафас олишни имконсиз қилиб қўяди. Зудлик билан жароҳат ўрнига ташқаридан ҳаво кирмайдиган (герметик) боғлам қўйиш талаб этилади.
❓ 3 - Вазият: Бемор қаттиқ йўтал хуружидан сўнг оғзидан қон келаётганидан шикоят қилиб, ошқозонимдан қон кетяпти деб хавотирда. Ҳамшира ажралган қоннинг ёрқин-қизил рангда, суюқ ва кўпикли (ҳаво аралашган) эканлигини кўрди. Ҳолатни таҳлил қилинг?
✅ Жавоб: Ёрқин-қизил ва кўпикли қон ажралиши ошқозондан эмас, балки ўпкадан қон кетишининг (гемоптизия) ўзига хос ташқи белгисидир (ошқозондан кетган қон одатда тўқ рангда ва қусуқ аралаш бўлади).
❓ 4- Вазият: Бемор қоринда кучли шиш, оғирлик ҳисси ва санчиқсимон оғриқдан шикоят қилмоқда, аммо иситмаси йўқ. Сўров давомида у кечки овқатга кўп миқдорда мош, нўхат ва газли ичимлик истеъмол қилгани маълум бўлди. Холатни таҳлил қилинг?
✅ Жавоб: Беморда метеоризм — ошқозон-ичак трактида ортиқча газ тўпланиши кузатилмоқда. Сабаби — газ ҳосил қилувчи маҳсулотлар истеъмоли. Ҳолатни енгиллаштириш учун газларни парчаловчи воситалар (Симетикон) ёки ферментлар тавсия этилади.
❗️Сиз ҳам ҳар куни биз билан тоифага текин тайёрланмоқчи бўлсангиз @Xamshiralaruchun каналига обуна бўлинг
❓5- Вазият: Ҳамшира муолажа хонасида резина (латекс) қўлқоп кийиб, беморни кўрикдан ўтказди. Ҳеч қандай укол қилинмасидан олдин беморнинг юзида тошмалар, томоқ шиши ва нафас қисиши бошланиб, ҳушидан кета бошлади.Холатни таҳлил қилинг?
✅ Жавоб: Беморда латексга бўлган ўткир аллергия сабабли анафилактик шок юзага келмоқда. Анафилактик шок фақат дори ёки овқатдан эмас, балки латекс маҳсулотлари (тиббий қўлқоплар, катетерлар) контактидан ҳам юзага келиши мумкин.
❓ 6 - Вазият: Ҳамшира беморнинг томирини ўлчаш учун бош бармоғини беморнинг билак артериясига босди ва 15 сония санаб, чиққан натижани 4 га кўпайтирди. Беморда юрак аритмияси (нотекис уриш) бор эди. Бу вазиятда қандай хато бор?
✅ Жавоб: Иккита хатога йўл қўйилган. Биринчидан, пулсни бош бармоқ билан ўлчаш мумкин эмас (бош бармоқда одамнинг ўз пулси сезилади ва чалкашиб кетади), кўрсаткич ва ўрта бармоқлар ишлатилиши керак. Иккинчидан, аритмияси бор беморларда пулс 15 сония эмас, тўлиқ 60 сония давомида ўлчаниши шарт.
❓7- Вазият: Бронхиал астма хуружи сабабли беморда ўткир нафас етишмовчилиги (кучли ҳансираш, кўкариш) бошланди. Ҳамшира беморни қулай бўлиши учун каравотга текис, чалқанча ётқизиб қўйди ва шифокорни чақиришга кетди. Хатолик борми?
✅ Жавоб: Ҳушли, ўткир нафас етишмовчилиги бор беморни текис ётқизиш қатъиян ман этилади, чунки бу нафас олишни янада қийинлаштиради ва бўғилишни кучайтиради. Беморни ярим ўтирган ҳолатга жойлаштириш ва дарҳол тоза ҳаво ёхуд кислород бериш керак.
❓8- Вазият: Беморда нафас ва пульс йўқ, онг йўқолган, қорачиқлари кенгайган ва ёруғликка жавоб бермаяпти. Аммо тана ҳарорати пасаймаган ва териси қуруқ эмас. Ҳамшира буни биологик ўлим деб баҳолаб, реанимация қилмади. Бу тўгрими?
✅ Жавоб: Хато қилинган. Санаб ўтилган белгилар (пульс ва нафас йўқлиги, қорачиқлар кенгайиши) клиник ўлим белгиларидир. Биологик ўлимда тана ҳароратининг тушиши, постмортем доғлар ва "мушyк кўзи" каби эрта белгилар пайдо бўлади.
@Xamshiralaruchun каналига аъзо бўлинг!