6
Ҳовли. Кундуз куни. Уч шогирд – Жумабой, Тиловберган ва Генжамурод қайиқ ясаш юмушлари билан банд. Ўчоқ устидаги ярми кесилган бочка идишдан қорамтир дуд кўтарилади – мум эритилмоқда.
Шошиб-ҳовлиқиб Қалимбет кириб келади. Одатдагидек, қўлида “дипломат”.
Қалимбет (аланг-жаланг қилиб). Отам қани?.. (Йигитларга қараб.) Ҳўв укалар! Қани, югуринглар! Овулнинг оғзигинасида мошинамиз қумга ботиб қолди, чиқаришиворинглар. Ҳа, баракалла!.. (Кулба эшигида бир учи чўмичсимон узун косов кўтарган Орол бобони кўргач.) “Жип” денг тағин! Шундай мошинаки ботиб қолганидан кейин аҳволни билавер-да!
Орол бобо амрига маҳтал шогирдларига “майли, бориб қарашинглар” дегандек ишора қилади. Усти-бошини қоқа-қоқа, улар ҳовлидан чиқиб кетишади. Чолнинг ўзи индамай ўчоқбоши тарафга юради.
Орол бобо (қўлидаги анжом билан “қозон” кавламоққа тушаркан). Ке, Қалимбет, шовқин солиб юрибсан?..
Қалимбет (“дипломат”ини тиззасига қўйиб курсига ўрнашаркан, ясама хушнудлик билан). Бир ўйнаб берасиз энди, отабой, зўр сюрпризимиз бор сизга! (Синовчан сукутдан сўнг, ширин қилиб.) Би-ир ҳажга бориб келсангиз-чи, а? Ҳамма бизни изза қиляпти-ку: шундоқ пулдору бадавлат ўғиллари, қизлари бўлатуриб, оталарини ҳажга жўнатмаяпти, деб.
Орол бобо (ишидан чалғимай). Буниям ҳув анови хизрсифат маслаҳатгўйинг айтгандир?
Қалимбет. Топдингиз, у ҳам шундай деган эди.
Орол бобо. Қуллуқ, қуллуқ. Лекин отанг ҳеч қаёққа бормайди, овора бўлма.
Қалимбет. Ие, ие! Ҳажга ҳам-а? Ҳаждан бўйин товлаган мўминни энди кўришим! Ота, ўйлаб гапиряпсизми ўзи? Ахир, ҳажи муборак ҳар бир мусулмонга…
Орол бобо. Биламиз, биламиз – фарз.
Қалимбет. Билсангиз, нега бундай оёқ тираяпсиз? Баъзилар ҳатто от миниб, пул кўтариб чопиб юрса-ю, сиз бўлсангиз…
Чол қўлидаги косовни “қозон” четига қўйиб, ўриндиғига келиб жойлашади.
Орол бобо. Ҳажга қилган-кечган гуноҳларидан тавба этмоққа бориларди чоғи, шундайми ахир?
Қалимбет. Ие, албатта, бунинг учун ҳам…
Орол бобо. Унда отанг қайси гуноҳини ювгали борсин, хўш?
Қалимбет. Э, э, Орол бобо, куфр кетгандайсиз, бегуноҳ банда бор эканми бу дунёда?!
Орол бобо. Шошма, оғзимга урмай тур… Ёлғон гапирганимни ё бировга фириб бериб иш битирганимни биласанми? (Қалимбет елка қисади.) Гапир, гапир, эшитганмисан ҳеч?
Қалимбет. Йўқ…
Орол бобо. Бировнинг ҳақига хиёнат қилган жойим борми, айт?
Қалимбет. Ота…
Орол бобо. Кимсанинг моли ё жуфти ҳалолига кўз олайтирганимни-чи? Қулоқ-пулоғингга чалинган чиқар?..
Қалимбет. Э, ота, иззага қўйманг-да одамни. Фақат шулар учунгина ҳаж қилинмас…
Орол бобо. Ҳа, нима учун борилар экан бўлмаса? Шунчаки сайру томошагами? Ё номчиқараргами? Тўғри, унақаларини ҳам биламиз. Ана – ўзимизнинг Ўтаган махсум. Йил сайин қатнайди. Нима, авлиё бўлиб қоптими у? Ўша-ўша, келиб тағин гуноҳга ботгани ботган… Йўқ, ўғлим, ҳаж зиёратининг шартлари, қонун-қоидалари бор. У ерга обдон ҳозирлик кўриб, риёзату машаққатлар чекиб борилади!
Қалимбет. Эски замонларнинг гапини қўйсангиз-чи, ота. Машаққат чекиб нима фойда? Ҳозир тап-тайёр самолёт, оппа-осонгина бориб келинаверади. Бу ҳам тангрининг марҳамати-да, ахир!
Орол бобо. Қуллуқ, қуллуқ. Аммо… тавба қилдим, тавба қилдим, кўнглида бир тоза нияту чин ихлоси борми-йўқми, дуч келган одам ҳаж экан деб жўнайверса… Худди тўйга отлангандай… Зиёрати қабул бўлармикан?.. Ахир, бандаси покланиб, тозаланиб бормайдими унақа жойларга?!
Қалимбет. Мен ҳам шуни айтяпман-да, ота! Ҳалигина ўзингиз исботлаб бердингиз: бировга ёмонлик қилмагансиз, хиёнат қилмагансиз, кўз олайтирмагансиз… Сиз бормай ким борсин ҳажга?!
Орол бобо (эриб кетиб). Рости, бир-икки дафъа чоғланиб ҳам кўрганман. Юрак дов бермади-да: ўзинг ким бўпсан-у, ҳажни орзу қилсанг дегандай. Биз-ку бир хашаки банда, ҳаж зиёрати насиб этмаган не-не улуғ зотлар ўтган, ўғлим! Лекин ичимдаги бир сирни сенга айтсам: баъзан худдики бориб келганга ўхшайман! Нияти билан-да…
Қалимбет (жонланиб). Ана энди чинакамига бориб келасиз, отабой! Мана, ҳамма ҳужжатингиз тайёр! (У шоша-пиша “дипломат”ини очиб, бир даста қоғоз чиқаради.) Мана…
Орол бобо (оғзи очилиб). Ия, бир оғиз сўрамадинг-ку, Қалимбет, менсиз қандай қилиб?..