⚡️Имтиёзли кредитларни бериш тартиби ўзгаради, маҳалла банкирлари фаолияти кучайтирилади, 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит ажратилади ва кредит тарихида кечикиши бор аҳолига ҳам имконият берилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда банк-молия тизимига алоқадор бир қатор муҳим янгиликлар белгиланди.
☑️ Биринчи янгилик — имтиёзли кредитларни бошқариш туманларга берилади. Энди оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги учун ажратилган кредит ресурсларини туман штаблари бошқаради. Улар маҳаллий шароит ва бизнеснинг хусусиятига қараб, кимга қанча кредит бериш, кредит муддати қанча бўлиши ва тўловлар қай тартибда амалга оширилишини белгилай олади. Ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1 трлн 370 млрд сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун 450 млрд сўм ресурс мавжуд.
☑️ Иккинчи янгилик — ҳар бир бизнесга бир хил кредит шарти қўлланмайди. Масалан, деҳқончиликдан даромад олиш учун вақт керак, савдо ёки хизмат кўрсатишда эса пул айланмаси тезроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун кредит муддати ва тўлов графиги бизнеснинг даромад келтира бошлаш вақтига мослаштирилади.
☑️ Учинчи янгилик — тадбиркорга фақат кредит таклиф қилиш амалиётидан воз кечилади. Лойиҳага қараб кредит билан бирга лизинг, факторинг, кафолат, суғурта, айланма маблағни молиялаштириш ва бошқа молиявий воситалардан фойдаланилади.
☑️ Тўртинчи янгилик — кооперация қилган тадбиркорларга 5 млрд сўмгача гаровсиз кредит бериш имконияти яратилади. Агар лидер тадбиркор 10 та оилани ўз бизнесига жалб қилиб, улар билан кооперация ташкил қилса, 500 млн сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин. Агар 100 та оила билан ҳамкорлик қилса, гаровсиз кредит миқдори 5 млрд сўмгача етади.
☑️ Бешинчи янгилик — кредит тарихида кечикиши бор эҳтиёжманд фуқароларга ҳам имконият берилади. Яъни олдинги кредити бўйича кечикишга йўл қўйгани учун фуқаронинг янги ташаббуси автоматик равишда рад этилмайди. Унинг ҳолати ва бизнес лойиҳаси индивидуал баҳоланади. Лойиҳа истиқболли деб топилса, имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.
☑️ Олтинчи янгилик — туманлар ихтиёрига жами 3,2 трлн сўм ресурс берилади. Бу маблағлар оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги кредитлари, Камбағаллик жамғармасидаги 240 млрд сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 млрд сўм, учта “дафтар”даги 760 млрд сўм ва бошқа ресурслар ҳисобидан шаклланади. Туман штаблари ушбу маблағларни ҳудуддаги аниқ лойиҳалар ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб йўналтиради.
☑️ Еттинчи янгилик — энди қанча кредит берилгани эмас, кредит қандай натижа бергани муҳим бўлади. Яъни банк ёки ҳудуднинг иши “шунча миллиард сўм кредит ажратилди” деган кўрсаткич билан чекланмайди. Ажратилган маблағ ҳисобига қанча доимий иш ўрни яратилгани ва қанча оила барқарор даромад манбаига эга бўлгани асосий мезон бўлади.
▪️Бунинг сабаби ҳам айтилди. Сўнгги уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳалари учун 314 трлн сўм ресурс ажратилган, аммо бир хил миқдорда маблағ олган ҳудудларда натижалар кескин фарқ қилган. Шунингдек, банкдан кредит олиб, бизнесини кутилган даражада йўлга қўя олмаган 62 минг нафар фуқаро кредитини қайтаришда қийналаётгани қайд этилди.
☑️ Саккизинчи янгилик — маҳалла банкирларининг вазифаси фақат кредит масаласи билан чекланмайди. Улар тадбиркор билан бизнес ғоясидан бошлаб, лойиҳа тайёрлаш, молиялаштиришнинг тўғри турини танлаш ва бизнесни ишга туширишгача бўлган жараёнда ишлаши керак бўлади.
☑️ Тўққизинчи янгилик — маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчилари махсус ўқитилади. Икки ой ичида махсус ўқув маркази очилиб, улар бизнес лойиҳа тайёрлаш, бизнес-моделни ҳисоблаш, кредит, лизинг, факторинг каби молиявий воситаларни тўғри танлаш бўйича ўқитилади. Энг яхши натижа кўрсатган мутахассисларни Хитой, Япония ва Туркияда малака оширишга юбориш режалаштирилган.
☑️ Ўнинчи янгилик — ишлайдиган оналарга нафақа тўланади, эҳтиёжманд оилаларнинг боғча, ўқув маркази, йўлкира ва ётоқхона харажатлари ваучер орқали қопланади. Ижтимоий реестрдаги ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади.
👍Каналга уланиш👉🏻 @Bankxabar