Этика ва натижа: ғалати парадокс
Давлат хизматида раҳбарларга қўйилган муҳим талаблардан бири этика қоидаларига риоя қилишдир. Яъни, қўл остидаги ходимлар билан ҳушмуомала бўлиш, топшириқлар беришда ҳақорат ва камситишлардан йироқ бўлиш.
Яқин танишим бир давлат ташкилотига ўринбосарликка тайинланди. Ўзи характери оғир-босиқ одам. Иш бошлашдан аввал асаббузарликдан узоқроқ бўламан, ходимларга қаттиқ гапирмайман, бақир-чақир қилмасдан ишлайман деганди.
Кеча гаплашиб қолдик. Кўриниши бошқача, бир ой олдинги очиқ чеҳрадан дарак ҳам йўқ.
– Йўқ, бўлмас экан, – дейди. Ходимларга бир ой юмшоқ гапирдим, иложи борича овозимни кўтармадим, натижа нима бўлди? Берган топшириқларимни ярми умуман бажарилмади. Аксинча, биринчи раҳбардан, кейин юқоридан ўзим сўкиш эшитишни бошладим. Бўлмайди бунақа ишлаш деди улар. Шундан кейин мен ҳам бақир-чақирга ўтдим. Аччиқ қилиб, столни муштлаб, у-бу нарсаларни деворга отишни бошладим. Энди ходимлар топшириқларни вақтида бажаряпти. Ёмон томони, бу ерда ходимларни сўкиш йўли билан ишлатадиган қилиб қўйишибди. Юмшоқлик билан топшириқ берсанг, ёки илтимос оҳангида гапирсанг, ходимлар “демак, бу топшириқ унча муҳим эмас экан” деб, бир четга суриб қўяр экан. Биринчи ўринда бақир-чақир ва сўкиш билан берилган топшириқларни бажарар экан. Лекин менинг асабларим тамом бўляпти. Нима қилишга ҳайронман.
Ҳақиқатдан ҳам, ғалати парадокс ўртоқлар. Биз йиғилишларда бақиравериб, сўкавериб жойлардаги хизматчиларнинг бетини қотириб ташлаяпмиз. Ёмон томони, улар ҳам шунга кўникиб, бақир-чақирларни ўзига хос иш услуби сифатида қабул қиладиган бўлиб қоляпти.
Натижада, тескари вазият юзага келяпти. Масалан, этика қоидасини бузиб, бақир-чақир билан берилган топшириқлар вақтида бажариляптида, аксинча, этика доирасида берилган топшириқлар унча жиддий қабул қилинмаяпти. 👉@yuristkadr