Янги Наманган шаҳарчасида янги замонавий мажмуа фойдаланишга топширилди
Янги Наманган шаҳарчасида аҳоли учун қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратишга қаратилган навбатдаги йирик лойиҳа фойдаланишга топширилди.
Янги мажмуанинг очилиш тадбирида нуронийлар, тадбиркорлар, инвесторлар, қурувчилар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янги Наманган шаҳарчасида фойдаланишга топширилаётган мазкур лойиҳа ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
“CASTLE TOWN” МЧЖнинг “YASHIL MAKON REZIDENSE” лойиҳаси доирасида 5 та лотдан иборат, умумий майдони 5 гектар бўлган ер майдонида кенг кўламли қурилиш ишлари амалга оширилди.
Бу ерда 9, 12 ва 21 қаватли замонавий турар-жой мажмуалари билан бир қаторда меҳмонхоналар, ресторанлар, автомобиллар савдоси ва сервис хизматлари кўрсатишга мўлжалланган автосалонлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилган.
Айни пайтда 4 та 9 қаватли ҳамда 2 та 12 қаватли уй-жой бинолари қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 2 та 21 қаватли кўп қаватли уйда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Ушбу лойиҳалар натижасида 400 миллиард сўмга яқин инвестиция ўзлаштирилиб, 860 та оила замонавий ва қулай уй-жой билан таъминланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мажмуа нафақат замонавий турар-жойлар, балки аҳолига қулай хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, “SOCIALS” ресторани ҳам ўз фаолиятини бошлади. Замонавий хизмат кўрсатиш талаблари асосида ташкил этилган ушбу масканда 50 та доимий янги иш ўрни яратилди.
Шу билан бирга, мажмуа ҳудудида автомобиллар савдоси ва уларга техник ҳамда сервис хизматлари кўрсатиш учун замонавий автосалон ҳам ташкил этилган. Бу ерда аҳолига автомобилларни танлаш ва харид қилиш билан бир қаторда, уларга зарур техник хизматлардан фойдаланиш учун ҳам қулай имкониятлар яратилмоқда.
Автосавдо ва сервис хизматларининг бир ҳудудда ташкил этилиши аҳоли учун вақт ва масофа нуқтаи назаридан қўшимча қулайлик яратиб, ҳудудда хизмат кўрсатиш маданияти ва замонавий сервис инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар бундай лойиҳаларнинг Янги Наманган шаҳарчаси қиёфасини замонавийлаштириш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринларини ташкил этишдаги аҳамиятини таъкидладилар.
Айниқса, тадбирда нуронийлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг иштирок этгани янги мажмуанинг нафақат қурилиш объекти, балки аҳоли ҳаёти билан бевосита боғлиқ муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳа эканини яна бир бор намоён этди.
Янги мажмуанинг ишга туширилиши Янги Наманган шаҳарчасида замонавий ва қулай яшаш муҳитини шакллантириш билан бирга, янги иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳоли учун янги имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Давлатобод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Sayt | Telegram | Facebook | Instagram | X | YouTube | Murojaat | Guruh