🇺🇿 ЎЗБЕКИСТОН
Фахрия
Юртим, Сени яна олдим қаламга Тўйинг, шодиёнанг баҳона бўлиб. Яна келиб қўндинг тонгги мисрамга Фалак нисор этган дурдона бўлиб. Иқбол пешонамга битган ошёним – Ўзбекистоним.
Толеим бор экан, Сенга ҳамнафас, Оташин қуёшинг билан йўғрилдим. Юз йил аввал эмас, юз йил сўнг эмас, Туғёнли асрда сенда туғилдим. Гуллар сочдинг мен илк босган қадамга Бағринг менга нурли кошона бўлиб. Жаҳон ичра менинг тенгсиз жаҳоним – Ўзбекистоним.
Мақсад манзилида довон ошган дам Йўлчи ҳам бир тўхтаб олгандек нафас, Марзагача етиб борган деҳқон ҳам Ортга боқиб бир зум қилгандек ҳавас, Эллик баҳор кўриб ҳаёт боғида Умр камолига қўл чўзиб инсон, Олтин дарвозани чертган чоғида Сарҳисоб қилади умрин бегумон. Босиб ўтган йўли шунда одамга Туюлади минг бир поғона бўлиб. Минг бир довон ошган алп паҳлавоним – Ўзбекистоним.
Асли эллик эмас, эллик минг ёшинг, Кечмишинг тарихлар нариёғида. Тўмарисдек она Кайхисрав бошин Қон тўла саночга солган чоғида, Спитамен камон тутиб дастида Мароқандни сақлаб турганда узоқ, Ёвни адаштириб ўлим даштида Кўкрак очиб қаҳ-қаҳ урганда Широқ, Ҳали ўзбек эмас, лекин оламга Машҳур эдинг соқу суғд она бўлиб. Искандарни мажруҳ этган камоним – Ўзбекистоним.
Ваҳшат водийсида кечди асрлар Алжабр устодин туққунча еринг. Илминг юксалгунча Беруний қадар, То Алишер қадар етгунча шеъринг, Ҳайратга солгунча фан оламини Фарғоний чиқарган аниқ ҳисоблар... Тебранса не ажаб Тошкент замини, Бу ерга кўмилган миллиард китоблар. Фарангу ҳинду чин, ироқ, ажамга Таралдинг Ал-қонун, Сайдона бўлиб. Буюклар тан берган буюк достоним – Ўзбекистоним.
Минг бора тикландинг, минг бор қуладинг, Ёвлар қамчисидан чекканда озор – Алпомиш сингари ўғлон тиладинг, Тиладинг Гўрўғли сингари сардор. Сен ҳам гуллар териб умид боғидан Толе орзусида туздинг алёрлар. Аммо бўталаринг қўнғироғидан Чўлларда тўкилиб қолди оҳ-зорлар. Умринг эгиз бўлди андуҳ-аламга Орзуларинг бари афсона бўлиб. Барчиннинг кўксида қолган армоним – Ўзбекистоним.
Замин дардича бор бир аёл дарди, Ойнинг доғи балки унинг доғидан. Фарёд олов бўлса олам ёнарди Шарқлик жувонларнинг чеккан оҳидан. Зебунисо ўтди танҳо ва маҳзун Бошида ўт бўлиб малика тожи. Тун бўлиб ёйилар Қўқонда ҳар кун Нодирабегимнинг қирқилган сочи. Аёл! Тўрт деворда кўмилдинг ғамга, Ғазалларда фақат жонона бўлиб. Барнодек, Анбардек дили сўзоним – Ўзбекистоним.
Ҳали сокин туман чулғаб бағрини Ғафлат уйқусида ётарди олам, Умид қаламида «Қуёш шаҳри»ни Ҳали ёзмаганди Кампанелла ҳам. Нажот кўзи билан мағрибга боқиб, Кўҳна Хоразмдан йўл олган карвон Ёвмут саҳросида ойлар улоқиб Масков тупроғига етганда омон, Ўзбеклар тўқиган шоҳи, гиламга Боққанда зарифлар ҳайрона бўлиб, Дўстлик ипак йўли очган карвоним – Ўзбекистоним.
Дарвозангни очдинг маърифат, фанга, Сенга ошно бўлди Пушкин каби зот. Лекин бахту иқбол кулмади санга, Ҳали олис эди сен кутган нажот. Эрк дея аталган табаррук шамга Интилдинг бир умр парвона бўлиб. Парвонадек куйиб ўртанган жоним – Ўзбекистоним. Дардингни куйлади анҳорларингда Ғижирлаб айланган кўҳна чархпалак, Санъатинг мунаққаш деворларингда, Лекин ободлигинг бўлди Ҳапалак. Париларинг тутқун бўлиб ҳарамга, Улуғ шоирларинг девона бўлиб, Тақдир саҳросида зору сарсоним – Ўзбекистоним...
Кўп элларни кездим, кўп юртлар кўрдим, Бир-биридан гўзал, бир-биридан соз. Лекин Шарқда машъал чароғон юртим Оламда тенги йўқ, ўлкадур мумтоз. Бунда дўстлик куйин айтур ҳар чечак, Бунда бахтни қилур ҳар булбул наво. Диллардаги азал башарий тилак – Буюк биродарлик гулшани аро Осиёхон деган сулув санамга Олтин сепу атлас сўзона бўлиб Кулиб турган, ёруғ, мунис маконим – Ўзбекистоним.
Йироқдан эшитиб сурнай овозин Кўчага югурган бола сингари, Мен ҳам қўлга олиб сибизға созим Тўйингга шошарман элдан илгари. Тилак шу – қўшиғим катта байрамга Етиб борса кичик тўёна бўлиб. Менинг ҳам қолмасди дилда армоним, Ўлкам, онажоним, юрагим, жоним – Ўзбекистоним.
✍ Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, 1974 йил
👇👇👇 🌐 www.facebook.com/evohidov 🌐https://t.me/erkinvohidovijodi 🌐 www.erkinvohidov.uz