Жей-Жей Габриелнинг “Манчестер Юнайтед”ни тарк этишга ҳаракат қилаётгани аслида интернетни портлатадиган даражада катта воқеа эмас, менимча. Ҳа, у жуда иқтидорли йигит, бўлажак Месси бўлиши ҳам мумкин, лекин бу ерда жанжалли воқеа ҳам йўқ – клуб 16 ёшли футболчига U21 таркибидан жой берган, ёзда асосий таркиб билан шуғулланди, ҳатто бугун “Брайтон”га қарши дебют қилиши кутилаётганди. Ҳар қандай талантли бўлмасин, менимча, бу ёшдаги футболчи учун мана шундай стратегия хато эмас, деб ўйлайман. Мураббийлар футболчига қачон имконият бериш кераклигини унинг ўзидан ёки ота-онасидан яхши билишади. Клуб томонидан айнан Жей-Жей борасида муаммо кўрмаяпман.
Шу билан бирга, Жей-Жей ва унинг оила аъзолари футболчининг келажагини бошқа ерда кўриши, “МЮ”да у ўз салоҳиятини тўлиқ оча олмайди, деб ҳисоблаши ҳам мумкин. Футболчига бир марта умр берилади, нотўғри танловлар туфайли унинг фаолияти кутилганидек чиқмаслиги ёмон. Шу томондан уларни ҳам тушунча бўлади. Оддий “рабочий” ҳолат.
Вазиятни негативлаштираётган икки жиҳат бор. Биринчидан, Жей-Жей оиласининг бу қадар радикал ёндашуви. Ж.Габриел атиги 16 ёшда, у ҳар қандай ҳолатда “Манчестер Юнайтед”ни тарк этишга улгуради, ҳеч ким уни қул қилмоқчи эмас. Бу ерда унга асосий таркибдан ўрин берилмаётган экан, унга дарҳол кўпроқ имконият берадиган бошқа топ-клублар бор деб ўйламайман. Шундай экан, бутун дунёни ўзига қаратиб, маълум вақт давом этаётган систематик жараённи бузиб, энг ёмони, ёш футболчига бадтар босим юклаш фақат зарарга ишлаши мумкин.
Иккинчи жиҳат, ҳамма клубларда бўладиган оддий ҳолат айнан “Манчестер Юнайтед”га келганда бунақа “шум” яралиши бежиз эмас – клуб айни дамда муваффақиятсиз. Жамоа ютқазар экан, юқори ўринлар учун курашмас экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам қисман айбдор бўлаверади ва доим ҳатто айбдор аниқ вазиятларда ҳам клубни айблайдиганлар топилади. Ана, Макс Доуман, у ҳам 16 ёшли футболчи, аллақачон “Арсенал” таркибида голлар уриб юрибди, кеча ҳам дубл қилди. Ҳеч ким бу ерда гап “Арсенал” узоқ вақтдан бери муваффақиятли жамоа бўлгани учун ҳар қандай экспериментларга очиқ, бунга имконият кўпроқ эканини ўйламайди. Артета ҳар қандай ўйинни ютқазиши мумкин – йўқотилган уч очко холос, Каррик ва аввалги тренерларда вазият оғирроқ, ҳар бир мағлубият ҳафталаб, кейинги ғалабагача негатив фон яратишини яхши биламиз.
Ёки “Манчестер Сити”ни олайлик. Санчо, Палмер, Рожерс... каби академия тарбияланувчилари клубдан ташқарида 100+ миллионлик нархга чиқиб кетишди, хўш, кимдир бунда “Сити”ни айблаяптими? Ҳеч ким буни ўйлаганиям йўқ, “Манчестер Сити” бемалол бошқа 100 миллионлик ўйинчиларни сотиб олиб, йўлида давом этяпти. Сабаби, жамоа муваффақиятли, якунда ҳеч нарса ютқазилмас экан, ҳар қандай қарорлар оқланади, йўқотишлар учун куюнилмайди. Жей-Жей Габриел ким бўлибди?
Шунинг учун ҳар қандай бошқа футбол клуби каби, “МЮ”да ҳам бир йўл бор – ҳар қандай оддий воқеа катталашиб матбуотда калтак ўлароқ қайтишини истамаса, майдонда ғалаба қозониши керак. Габриел биланми, Мбемо биланми, бунинг умуман фарқи йўқ, аслида.
@aslanov_futbol