❓Қачон ҳокимлар шахсан жавобгар бўлади?
Мен бир принципиал саволни кўтармоқчиман.
Адвокат сўровига қонунда белгиланган муддатда жавоб берилмаганлиги учун Сергели тумани ҳокимини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197¹-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида судга мурожаат қилдим.
Бироқ суд ҳокимни эмас, унинг ўринбосарини жавобгар деб топди.
Асос сифатида шу кўрсатилдики, ҳоким адвокат сўровини устхат билан ўринбосарига юборган, муддатни эса ўринбосар бузган.
Лекин шу ерда давлат бошқарувининг энг муҳим принципи ҳақида ўйлаб кўриш вақти келмадими?
Конституцияга кўра, давлат органлари ва мансабдор шахслар халққа хизмат қилиши шарт. Улар ўз фаолияти учун жамият ва қонун олдида шахсан масъулдир.
Агар биринчи раҳбар фақат устхат қўйиши билан ҳар қандай ҳуқуқий масъулиятдан озод бўлса, унда “биринчи раҳбар” деган мақомнинг ҳуқуқий мазмуни нима бўлиб қолади?
Агар мурожаат ҳоким номига келган бўлса, унинг ўз вақтида ва қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилишини таъминлаш учун биринчи навбатда ҳокимнинг ўзи жавоб бериши керак.
‼️Чунки фуқаро давлат органининг қайси бўлим бошлиғи ёки қайси ўринбосарига эмас, айнан давлат органи раҳбарига мурожаат қилади.
Бугун ҳоким устхат ёзиб масъулиятдан қутулса, эртага бошқа ҳар қандай раҳбар ҳам худди шу йўл билан жавобгарликдан четда қолиши мумкин.
Бу эса ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим тамойилларидан бири — шахсий масъулият принципини амалда йўққа чиқаради.
Қонун барча учун тенг экан, нега жавобгарлик ҳам барча учун тенг бўлмаслиги керак?
Савол очиқ:
Ҳоким номига келган адвокат сўрови ўз вақтида бажарилмаса, ҳоким шахсан жавобгар бўлиши керакми ёки битта устхат уни ҳуқуқий масъулиятдан озод қиладими?
Барча малакали ва амалиётчи юристлардан маслаҳат кутиб қоламан.
📱Telegram | 📱Instagram | 📱Facebook |📱Youtube |📱Threads