Мараз (давоми...)
Азиза анчадан бери Элдордаги ўзгаришни сезади. "Ишлаб чарчаётгандир. Ахир осон эмас бир оилани боқиш...", ўйлайди, эрига ачиниб. Билмайди! Болаларининг дарслари, ўқишлари билан бўлиб, бечора сезмайди ҳам. Элдор Гулини, иккинчи хотин қилиб олганини, содда Азиза қаердан ҳам билсин.
"Командировка" яхши баҳона. Элдор бир ҳафтага, баъзан икки ҳафтага йўқ бўлиб кетади.
Азиза тунлари уйқу қочганда, ёнбошлаганча ўйлайди... "Элдор акам аввалгидек бозор қилмайдиган, пул бермайдиган, болаларга эътибор қаратмайдиган бўлиб қолдилар. Менга-ку ойлар бўлди яқинлашмаганларига... Ишқилиб соғмикинлар, бирор жойлари оғриётган бўлсая..."
Элдоракаси кайфини суриб юргани, ҳаёлининг кўчасига ҳам келмайди. Эрига раҳми келади, унга ачинади. Болаларига қайта-қайта ўргатади. "Аданглар келганида тўполон қилманглар! Ишдан жуда чарчаб келадилар. Бизларни деб юрибдилар..."
Элдор Гулини оладию гоҳ Дубайга, гоҳ Малайзияга дам олгани кетади. Азизани бирон марта тоққа ҳам олиб чиқмаган бўлса керак.
Гули ҳомиладор бўлдию эркалиги ошиб кетди. Ҳали у, ҳали бу...Элдор Гули нима истаса муҳайё қилади. Туққанидан кейин, баттар бўлса бўлди, яхши бўлмади. "Ижарада яшаш жонимга тегди. Ўзимни уйимда ўтиришни хоҳлайман. Хотинчангизга уй олиб бергансизу. Менга ҳам олиб беринг..!"
Элдор боришига бир дунё жанжал. Азиза ўтирган уйни эр-хотин ишлаб, бирга олганларини Гули ақлига ҳам сиғдиролмаса керак... Азиза Гулига ўхшаб тайёрига келмаган эди. Азиза келганда Элдорнинг ҳеч вақоси бўлмаган. Биргалашиб рўзғорнинг аравасини тортиб-тортиб, шу кунларга етганларини Гули қаёқдан ҳам билсин.
"Ишим яхши бўлиб кетса олиб бераман. Сабр қил!", дейди Элдор уҳ тортиб. Гули бу жавобдан қониқмайди. "Унгача ижарада ўтиравераманми? Бўлмаса Азиза ижарада ўтирсин. Мен сизнинг уйингизга кўчиб бораман..!", бақиради Элдорга қараб. Элдорнинг шу маш-машалардан кўнгли айнайдиган, Гулини эсласа боши оғрийдиган бўлиб қолганди.
Гули иккинчисини туғдию, Элдорни топганини ямламай ютадиган анакондага айланди қолди. Азиза бир куни Элдорга ёрилди: "Элдорака, сиз бизни боқаман деб, қийналиб кетяпсиз. Қачондан бери уйга гўшт, тухум келмайди. Болалар ҳам катта бўлиб қолишди. Энди мен ҳам ишга тушсам бўлади. Сизга ёрдамлашмасам бир ўзингизга қийин бўлиб кетяпти..."
Элдор индамай кўниб қўяқолди. Азиза кўп ўтмай ўзининг эски жойига ишга тушиб кетди. (давоми бор...)
Зулфия Махмуд
https://t.me/hikoyalar_retro_asarlar