Қиблагоҳ
3—қисм
Рамазон ойи эди ўшанда. Саҳарлик дастурхони учун кичкинагина ҳовончада толқон туйган аёли кўп уриниб, атиги битта косани тўлдирди. Кейин унга шакар, эритилган сариёғ солди, обдон аралаштириб, дастурхонга жойлар экан.
—Дадаси, бувим раҳматлик шунақа толқон қориб берарди, яхши кўрардим, етказганига шукур, ишхонамизга табиий эритилган сариёғ олиб келиб сотадиган аёлдан ойликкача қарзга олдим, —деди, кейин болаларини уйғотгани кетди.
Чой қуйиб, овқат сузиб бўлгунича толқонни еб қўйдилар. Бир қошиқ ҳам татиб кўрмади аёл, аммо сира хафа бўлмади. Нима топса, оиласига илинарди у. Кўнувчан эди аёли. Битта кўчалик, битта уйлик кийими бўлар, шуни ҳам авайлаб кияр, қаноатли эди. Ҳашаматсиз, дабдабасиз, жимгина яшаб ўтди аёли.
—Энди яшаса бўларди! Қамбар жим-жит ҳовлига назар соларкан ўзини кимсасиз, ёлғиз ҳис қилди.
Мана, иморат ҳам битди. Ўғли уйлантирмоқчи эди, у ҳам жим бўлиб кетди.
Хўрсиниб, қўлидаги стулини ерга қўйди, кейин ўтириб, атрофни кузата бошлади. Каттагина ҳовли, дарахтлар, икки иморат ўртасидаги гулзор — бари мутаносиб, орзусидагидек эди.
Ҳозир ёнида жуфти бўлганда гаплашиб, чой ичиб ўтирармиди? У ўзга бир аёлнинг гулзордаги ўтларни тозалаётганини тасаввур қилиб, ҳаяжонланиб кетди.
—Саъдулла келса, айтаман, фарзандлик бурчини бажариб, мени уйлаб қўйсин,— деди.
Ишдан қайтган Саъдулла отасига ўзи сўз очиб қолди.
—Дада, аммамни ишга солинг, сизга бир ҳамроҳ топсинлар...
Чол бош силкиди. Ўғлининг гапини маъқуллади. Эртасига синглиси Мағфиратникига отланди.
***
Саъдулла отасининг уйланишига қарши бўлмасада, кўнглининг бир четида, барибир, онасини қизғанаётган эди. Ҳали қандай аёл келади. Онасидек бўлармиди?
Уларнинг оддий, камсуқум оиласини қандай қабул қилади?Бир томондан оиласига бегона одам аралашади. Болалари буви деб чақирармикан? Ҳа, майли, у ёғини аммам иккиси ҳал қилсин, деди Саъдулла. Қайнотасининг уйланишини эшитган аёлининг қовоғи осилиб кетди. Овутган бўлди.
—Нигора, ҳаммаси яхши бўлади. Кўряпсан, биз ишдамиз, дадам ёлғиз қолиб кетяпдилар. Ҳовлининг бир бурчагида иккиси яшайверади, бир коса овқат кўпроқ қилинади, бўлди. Онамдан кейин ўксиб қолди отам. Ҳар куни бир эслаб оладилар.
—Шунақа дейсизу, тўсатдан бир аёлнинг пайдо бўлишини тасаввур қилинг. Ойим раҳматлик қандоқ аёл эдилар. Мен умрим бино бўлиб, эрига бу қадар итоатли аёлни кўрмаганман. Оз яшасам ҳам ойижондан кўп нарса ўргандим, барибир, уйланмасалар яхши эди, —деди Нигора кўзига ёш тўлиб.
Саъдулла чўнтагини пайпаслаб, ташқарига чиқиб кетди. Тамаки хумор қилганди.
Қамбар ота синглисининг уйидан оғзи қулоғига етиб қайтди. Қайлиқ топила қолганди!
Қирқ беш ёшларда экан. Битта қизи, битта ўғли бор экан. Уй-жойи бўлса, тегаман, дебди. Хатто телефондан расмини ташлаб берди. Ҳали ёшлик таровати тарк этмаган жувон. Розихон қирқ беш ёшида бундан кекса кўринарди. Ичидагини тилига чиқармади чол.
"Анча ёш, бунинг устига ўзини яхши сақлаган экан!"
—Дада, —деди Саъдулла оҳиста
—Аммам у аёлни қаердан танир экан?
Чол бийрон эди.
—Бозорда ишлаган экан, икки хона уйига ўғлини уйлабди, қизини аввалроқ узатган экан, бир танмаҳрам бўлса, тегаман деб айтган экан. Мағфират телефонини олиб қолган, акамни уйлантирмоқчимиз деб бир учини чиқариб қўйган экан. Эртага бир гаплашиб кўрамиз, у ёғини амманг ўзи тиндиради.
Саъдулла онасидек итоатли,оғир-вазмин йигит. Бошини эгиб, отасини маъқуллаб турди.
Мана бир неча кун бўлдики, Қамбарнинг оғзи қулоғида! Рухсорахон рози бўлди. Вой, бирам тили ширин эканки, бир кўришда маҳлиё бўлди унга. Яна ҳар куни қўнғироқ қилиб, аҳволини сўрайди. Соғлиғидан хабардор бўлади. Жуда ажойиб аёл экан.
Саъдулла кичкинагина йиғин қилиб, отасини уйлаб қўйди. Аёли ҳамма меҳмонларни кузатиб, идиш-товоқларни саранжом қилгач, эрининг олдига кирди. Кўзида ёш бор эди йигитнинг. Хотинига ёрилди
—Ойим, бир умр ҳовлида яшашни орзу қилганди. Даданг эшитмасин, хафа бўлади деб, ўзимга айтардилар. Катта бўлсанг, менга ҳовли қуриб берасан, райҳон, кашнич экаман, дердилар. Йигит елкаси силкиниб, йиғлай бошлади.
Давоми бор
Феруза Салходжаева.
🌸🌼🩵
https://t.me/joinchat/AAAAAE5dXbfusPieKgJZug