#Тоға.
1987 - йил, харбий хизматдан келганимга бир йил бўлган, кўп жойларга ишга кириб бир ёки икки ой ишлайманда кейин ҳисоб - китоб қилсам оладиган маошим билан яхши яшашимга ақлим етмай ишни ташлаб чиқиб кетаман.
Ўша пайтлари уйимизда онамнинг тоғалари омонат деб қўйиб кетган жуда катта миқдорда пуллари ва "тилла заёмлари" сақланарди.
Бир куни онамга:
- "онажон, тоғамлани пулларидан ооозгинасини бериб туринг, бизнес қиламан, уч - тўрт ойда қайтариб жойига қўяман, тоғам сезмайдилар, ахир тоғам пулларини неча йиллардан бери сўрамайдиларку" дедим.
- "болам, бу пуллар омонат, бу дегани худди оловнинг чўғидай деган гап, сўроқсиз тегсанг қўлинг куяди, кел шу пуллар ҳақида гапирма"
- "хўп, бориб сўрасамчи" дедим қайсарлик билан.
- йўқ, шу кунларда келиб қоладилар, ўшанда сўраймиз.
Ваниҳоят уч кун ўтиб тоғам келдилар, дастурхон атрофида чой ичиб гаплашиб ўтирдик, мен онамга кўзларим билан ишора қилиб "сўранг" дердим, онам эса "жим, сабр қил" дегандай пастки лабларини қимтиб тишлаб қўярдилар.
Дастурхонга фотиха ўқилди, тоғам ўринларидан турдилар, онам жимлар, барибир сабр қилиб кутдим, ахийри онам тоғамга қимтинибгина -"бир нарса сўрасам майлими" дедилар, тоғам - "майли сўра" деб онамни эшитиш учун ўтирдилар.
- "шу десангиз, ўғлим бизнес қиламан деяпти, шунга озгина сармоя керак эмиш", онам шу сўзни айтдиларда юзлари қизариб ерга қараб туравердилар.
Тоғам кўзойнакларини устидан менга ажаблангандек қарадиларда:
- " ҳмм, нима бизнес қилмоқчисан, қанча сармоя керак бўлади, ким билан бизнес қилмоқчисан? " дея саволни ёғдириб ташладилар.
Мен худди рингда кетма - кет зарба еган боксчига ўхшаб ногдаунт холатига тушдим, нима дейишим керак, ахир бирорта аниқ бизнес режам ҳам йўқку:
- "ҳозирча бизнес режам йўқ, ахир пулим йўқку, қўлимда пул бўлса кейин бизнес режа тузаманда" дедим.
Тоғамни юзлари янада жиддийлашди ва онамга қараб, - "сен чиқиб туравер, биз ўзимиз гаплашамиз" деб онамни хонадан чиқариб юбордилар.
Сўнг менга қараб - "қани ўтирчи" деб рўпарадаги кўрпачага ишора қилдилар.
- "биламан, бир йилдан бери яхши иш тополмаяпсан, онанг ҳам сени тезроқ уйлантириб келинли бўлиш орзусида, даданг топган пулини сенга уй қуришга сарфлади, сен эса " ўзим тўйимга ишлаб пул топиб уйланаман" деяпганингниям биламан. Майли, уйланишинг учун 5 минг рубл қарз бераман, тўйинга етиб ортади.
Бир нарсани билгин, бизнес қилиш учун одамда режадан аввал тажриба бўлиши керак, сен яхши иш қидиришда давом эт, ҳозир мендан пул бериб турмаганим учун хафа бўлишинг мумкин, бу гапларимни кейин тушунасан, балки сен тушуниб етганингда мен бу дунёдан ўтиб кетган бўлишим ҳам мумкин.
Тоғам шундай дедиларда мени дуо қилиб уйларига кетдилар.
Тоғам кетганларидан сўнг эртасидан она келин қидириб совчиликка юришга бошладилар, мен эса эски кийимни кийиб уйимизни таъмирлаш учун келган усталарга ёрдамлаша бошладим.
Баъзи кунлари онам "фалон жойда қиз кўриб келдим, тезда янги кийимларингни кийгин, қизни отаси билан катта тоғанг кўриштиради, агар куёв қилишга рози бўлишса қиз билан кўришасан" деб қолардилар.
Бир куни бир катта имом домлани қизлари онамга ёқиб қолган экан, катта тоғам келиб "тез сочингни тагидан калга олдир, имом домлага соч қўйган бола ёқмайди" деб мажбурлаб сочимни олдиртирдилар🙄.(ўша даврларда соч ўстириш одобсизлик ёки тақвосизлик деб билинар экан😄)
Тоғам билан учрашувга бордик, домла билан бир оз танишгандек бўлдик, кечроқ домла тарафдан "йўқ" деган отказ жавоб келди🙄.
Қизини бермагани алам қилмадию аммо сочимни қиртишлаб олдирганим росса алам қилганди😄.
Бир хафталардан сўнг онам яна бир жойдан қиз топиб келдилар, нимаймуш, бўлажак қайнота ўзи махаллага келиб мен билан кўришиб кетармиш, аммо қачонлиги номаълум экан.
Энди у одам қачон келаркин деб ҳар куни янги кийимларимни кийиб юрибман, у одамдан эса дарак йўқ. Шу кунлари
Гоголни "ревизор" комедияси эсимга тушиб кетди😄.
Уч кун кутдим, келмади, "ээ борре" дедимда тўртинчи кундан эски кийимларимни кийиб усталарга ёрдамлашишни бошладим.