Давлатларнинг манфаатлари мураккаб бўлади. Бир томондан миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва олдинга суриш, иккинчи томондан – ишончли алоқаларни ушлаб туриш, ижобий образни ўстириш, ва бу билан давлатнинг юмшоқ кучини/қудратини ошириб бориш. Чунки, қаттиқ куч билан қилиб бўлмайдиган натижаларни юмшоқ куч билан самарали амалга ошириш мумкин.
Дипломатия – узоқ муддатли стратегия демакдир. Ўзбекистон – жамулжам ресурсларига кўра, минтақада ўзига ишониши керак бўлган давлат. Шунинг учун, Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, миллий манфаатларни ҳар томонлама қондира оладиган йўлдир. Сиёсатчилар бир-бирига тескари фикрларни айтишади, амалга оширишади. Лекин, “миллий манфаатлар” ҳақида гапиришади. Масала шундаки, миллий манфаатларнинг талқини ҳар хил бўлади. Бу “миллий манфаатлар” талқини бир-биридан 180 градусга ҳам фарқ қилиши мумкин.
Маълум бир муддат Ўзбекистоннинг барча қўшни давлатлари билан муносабатлари ўта таранг, совуқ, салбий ва вақти-вақти билан, очиқ конфронтацион эди. Мисол учун, 2000-2010 йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегаралари нафақат давлатлараро, балки тўлақонли катта геосиёсий тирашув чизиқлари ҳам эди. Ўзбекистон ғарбга ориентир олди, Қирғизистон эса КХШТнинг аъзоси. Кечаги Туркистон геосиёсий парчаланган эди, Марказий Осиё пароканда эди, туркий дунё ва минтақа мусулмонлари бўлинган ва ўзаро тирашувда эди.
Миллатларнинг хотираси ўн йилликларда, асрлар давомида шаклланади. Хотираларимизда маълум қора доғлар бор. Ҳадиксираш ва ишончсизликлар қолиб кетади, ўчмайди. Бироқ, яқин ўтмишдаги хатолар, муаммолар такрорланмаслиги учун ҳам, кучли шахсиятлар давлатлар ва миллатларни тўғри йўлга бошлай олишлари муҳим. Ўзбекистон минтақанинг географик, демографик, тарихий ва сиёсий жиҳатлардан энг масъулиятли давлати сифатида, қўшнилар билан муносабатни кейинги 10 йилда мутлақ ижобий томон ўзгартира олди. Янги оҳанг ярата олди, ўзига ишонтира олди, яширинча ва ошкора зиддиятларни назорат қила олди.
Ўзбекистон Президентига Қирғизистон давлатининг олий мукофоти – Манас ордени берилиши ҳам, Туркистон-Марказий Осиё, туркий дунё ва минтақа мусулмонларининг якдиллигини таъминлаш йўлидаги тарихий хизматлар эътирофи ҳисобланади.
Расмий саҳифалар:
🌐Тelegram |🌐Instagram |🌐Facebook