Ўсмирнинг яхши ўқиши ва дўстлари билан яхши муносабатда бўлиши учун энг асосий омиллардан бири — яхши уйқу
Кўпинча бола ёки ўсмирнинг ўқишдаги муваффақияти ҳақида гап кетганда, унинг қанча вақт телефон ишлатиши, қанчалик кўп спорт билан шуғулланиши ёки қандай овқатланишига эътибор қаратамиз. Аммо янги тадқиқот бу омиллар орасида биз етарлича қадрламайдиган яна бир нарса борлигини кўрсатди: уйқу.
Калифорния университети, Дэвис тадқиқотчилари ўтказган янги тадқиқотга кўра, ўсмирларнинг мактабдаги натижалари ва дўстлари билан муносабатларини тушунишда уйқу сифати экран олдида ўтказилган вақт, жисмоний фаоллик ва овқатланишдан ҳам муҳимроқ омил бўлиши мумкин. Бу боғлиқлик айниқса хавотир, депрессия ва бошқа руҳий саломатлик муаммолари белгилари бўлган болаларда яққолроқ намоён бўлган.
Тадқиқотчилар 10–13 ёшли болалар маълумотларини таҳлил қилиб, тўртта асосий омилни солиштиришган:
уйқу сифати;
экран олдида ўтказиладиган вақт;
жисмоний фаоллик;
овқатланиш сифати.
Натижа эса қизиқ: уйқу бошқа омилларга қараганда мактабдаги яхши баҳолар ва ижтимоий муаммоларнинг камроқ бўлиши билан кучлироқ боғлиқ бўлган. Экран вақти иккинчи ўринда турган, жисмоний фаоллик ва овқатланишнинг таъсири эса нисбатан кичикроқ бўлган.
Ўсмирлик — мия ва шахсият жадал ривожланадиган давр. Айнан шу даврда хавотир ва депрессия каби руҳий саломатлик муаммолари ҳам кўпроқ намоён бўлиши мумкин.
Тадқиқотда олимлар руҳий саломатликдаги муаммолар билан мактабдаги натижалар ўртасидаги боғлиқликда турмуш тарзи омиллари қандай роль ўйнашини ўрганишган. Масалан, уйқу депрессия белгилари билан пастроқ ўқиш натижалари ўртасидаги боғлиқликнинг 18,5 фоизи, хавотир билан боғлиқликнинг 36,3 фоизи, психозсимон белгилар билан боғлиқликнинг эса 8,3 фоизи билан боғлиқ бўлган.
Экран вақти ҳам маълум даражада таъсир кўрсатган, аммо унинг ҳиссаси анча кичикроқ бўлган: хавотирда 5%, депрессияда 6,3% ва психозсимон белгиларда 6,2%.
Бу рақамларни нотўғри тушунмаслик керак. Улар «уйқу депрессиянинг 36 фоизини даволайди» ёки «яхши ухласанг, хавотир йўқолади» дегани эмас. Тадқиқот уйқу билан руҳий ҳолат ва кундалик фаолият ўртасидаги боғлиқликни кўрсатмоқда.
Демак, телефонни олиб қўйишдан кўра ухлаш муҳимроқми?
Тадқиқотнинг энг қизиқ жиҳатларидан бири ҳам шу.
Ота-оналар кўпинча боланинг телефонидан хавотирланади: экранга кўп қараш, ижтимоий тармоқлар, видеолар, ўйинлар ва кечаси телефондан фойдаланиш уйқуни бузиши мумкин. Албатта, экран вақти ҳам муҳим. Лекин ушбу тадқиқотда уйқу сифати экран вақтидан ҳам кучлироқ омил бўлиб чиққан.
Тадқиқотнинг биринчи муаллифи Жейсон Смуснининг айтишича, олимлар уйқу муҳим бўлишини кутган, аммо унинг экран вақти, жисмоний фаоллик ва овқатланишдан шунчалик яққол устун туришини кутмаган.
Бу бизга муҳим бир нарсани эслатади: Боланинг соғлом ҳаёти фақат телефонни камайтириш ёки спорт билан шуғулланишдан иборат эмас. Уйқу ҳам кундалик ҳаётнинг асосий қисми.
Уйқу вақтида мия шунчаки «ўчиб» қолмайди. Аксинча, организм ва мияда жуда кўп муҳим жараёнлар давом этади. Хотира мустаҳкамланади, ўрганилган маълумотлар қайта ишланади, эмоционал ҳолат тартибга солинади ва организм тикланади. Шунинг учун етарлича ухламаган бола эртаси куни шунчаки уйқучан бўлиб қолмайди. Унинг диққатини жамлаши, маълумотни ўзлаштириши, ҳис-туйғуларини бошқариши ва бошқалар билан муносабат қилиши ҳам қийинлашиши мумкин.
Айниқса ўсмирлик даврида бу муҳим. Чунки айнан шу пайтда мия ҳали ҳам жадал ривожланишда давом этади.
Тадқиқот муаллифлари уйқу руҳий саломатлик билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қилиб қўймайди, деб таъкидлашади. Агар болада депрессия, кучли хавотир ёки бошқа руҳий муаммолар бўлса, фақат «кўпроқ ухласин» деб қўйиш етарли эмас — профессионал ёрдам зарур бўлиши мумкин. Аммо уйқу — оила ўзгартира оладиган энг оддий омиллардан бири.
Боланинг ухлаш ва уйғониш вақтини барқарор қилиш, кечаси экрандан фойдаланишни чеклаш, етарли вақт ухлаш учун шароит яратиш катта ва мураккаб даволаш усули эмас. Лекин у боланинг эмоционал ҳолати ва кундалик фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Боланинг яхши ўқиши учун унга доим ҳам яна бир репетитор, яна бир машғулот ёки яна бир соат дарс керак эмас. Баъзан унга шунчаки вақтида ётиб, яхши ухлаш керак. Уйқунинг ўзи мия ва организмнинг кейинги куни учун тайёргарлик жараёни.
Science